ЧИРЧИҚ-ОҲАНГАРОН ВОҲАСИНИНГ ТИПИК БЎЗ ТУПРОҚЛАРИ ШАРОИТИДА ҒЎЗАНИ ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШНИНГ АҲАМИЯТИ
Дунёда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг кескин ортиши, саноат тармоқларининг ривожланиши сабабли сув ресурсларига бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида қишлоқ хўжалигида сувдан тежамли фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда сув тежамкор технологияларни жорий қилиш, суғориш меъёри ва муддатларини ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш масалаларига бутун дунёда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўрсатиб ўтилган [1].